Мисрнинг Қоҳира шаҳрида 27–30 ноябрь кунлари ўтказилган карате бўйича жаҳон чемпионатида -50 кг вазн тоифасида иштирок этган Гулшан Алимардонова тарихий ютуққа эришди. У финал баҳсида малайзиялик Шаҳмаларани Чандранни 6:1 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди.
Спорт вазирлиги мазкур ғалабани “тарихий воқеа” деб атар экан, Алимардонованинг жаҳон чемпионига айланган илк ўзбекистонлик аёл каратечи бўлгани алоҳида таъкидланди.
Бунгача карате бўйича жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон номидан фақат Дастонбек Отаболаев олтин медални қўлга киритган эди.
Гулшан Алимардонова бу йил бир неча нуфузли мусобақаларда ҳам муваффақият кўрсатган:
— ноябрь ойида Ар-Риёддаги Ислом бирдамлик ўйинларида кумуш медаль;
— октябрда Озарбайжонда ўтган III МДҲ ўйинларида олтин медаль;
— бундан ташқари, Ўзбекистон ва Хитойда ўтказилган қитъа биринчиликларида икки карра чемпионлик;
— Фужайрада ёшлар лигасида бронза медаль.
Халқаро карате федерацияси (WKF) рейтингига кўра, Алимардонова 300 дан ортиқ спортчи ичида 1737,5 очко билан 15-ўринда турибди.
19 ёшли спортчи ҳозиргача 37 та жанг ўтказган бўлиб, улардан 78,38 фоизида ғалаба қозонган. Малайзиялик финалдаги рақиби эса рейтингда 11-поғонада жойлашган.
