Аёл теннисчилар ассоциацияси (WTA) 2025 йилги мавсум якунларини сарҳисоб қилишни давом эттирмоқда. Ташкилот томонидан йилнинг энг нуфузли мукофотларидан бири — “Йилнинг энг яхши теннисчиси” соврини ўз эгасини топди.
2025 йил якунларига кўра, ушбу унвонга дунёнинг амалдаги биринчи ракеткаси, беларуслик Арина Соболенко сазовор бўлди. Таъкидлаш жоиз, Соболенко кетма-кет иккинчи марта йилнинг энг яхши теннисчиси деб топилди.
“Катта дубулға” туркумидаги турнирларнинг тўрт карра чемпиони бўлган Арина Соболенко WTA Player Awards доирасида “Йилнинг энг яхши теннисчиси” номинациясида ғолиб чиқди. Ғолиб халқаро теннис оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан аниқланган.
Мазкур номинация учун курашда Соболенкога:
- полшалик Ига Швёнтек,
- америкалик Аманда Анисимова, Коко Гофф ва Медисон Киз,
- Қозоғистон вакиласи Элена Рибакина рақобат кўрсатди.
Маълумот учун, 2025 йилги мавсум давомида Арина Соболенко:
- US Open турнирида,
- Маями ва Мадриддаги WTA 1000 мусобақаларида,
- Брисбендаги WTA 500 турнирида ғолиб бўлди.
Шунингдек, у Австралия Очиқ чемпионати, Ролан Гаррос ҳамда WTA Якуний турнири финалигача етиб борди.
