Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) томонидан иқтидорли ўзбекистонлик шахматчи Сарвиноз Бегмуратовага аёллар ўртасида FIDE спорт устаси (Woman FIDE Master — WFM) унвони расман берилди.
Сарвиноз ушбу нуфузли унвонни атиги 12 ёшида қўлга киритиб, Ўзбекистон шахмати тарихида аёллар ўртасидаги энг ёш FIDE спорт устаси сифатида тарихга кирди. Бу натижа мамлакатимизда шахмат спортининг жадал ривожланаётгани ва ёш иқтидорларга берилаётган эътиборнинг яққол намунасидир.
Маълумот учун, бундан аввал ушбу рекорд 2019 йилда шахматчи Умида Омонова томонидан ўрнатилган бўлиб, у мазкур унвонга 13 ёшида сазовор бўлган эди. Сарвиноз Бегмуратова эса бу кўрсаткични яна-да яхшилаб, янги тарихий натижага эришди.
Сарвинознинг ушбу ютуғи келгусида йирик халқаро мусобақаларда ҳам Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишига катта умид уйғотмоқда. Унга келажакдаги мусобақаларда омад ва улкан зафарлар тилаймиз!
