Нидерландиялик журналист Питер Тсварт Украина терма жамоаси ҳимоячиси Александр Зинченконинг «Аякс»га эҳтимолий трансфери ҳақида фикр билдирди. Унинг айтишича, клуб 19 ёшли бразилиялик ўнг қанот ҳимоячиси Жоао Педрони эмас, балки 29 ёшли Зинченкони танлагани қизиқарли қарор.
Тсвартга кўра, Зинченко аслида ҳимоячидан кўра ярим ҳимоячига яқин ва айнан ҳужумда жуда фойдали. Ҳимояда эса унинг доим заиф томонлари бўлган. Шунга қарамай, Пеп Гвардиола ва Микел Артета бир фикрга келган: энг юқори даражада унинг камчиликлари жамоага қўшадиган ҳиссасидан устун келмайди. Мураббийлар унинг шахсияти ва жамоавий ролини ҳам доим юқори баҳолашган.
Журналист Зинченконинг ижара асосида нега ўзини кўрсата олмаганига ҳам тўхталди. Уни «Ноттингем Форест»га мавсум бошидаги бош мураббий Постекоглу олиб келган, бироқ у тез орада ишдан бўшатилган. Ҳозирги мураббий Шон Дайч эса кўпроқ ҳимоявий футболга таянади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зинченко тиббий кўрикдан ўтиш учун Амстердамга йўл олгани хабар қилинганди.
