Нидерландиянинг Вейк-ан-Зеэ шаҳрида ўтказилаётган шахмат бўйича анъанавий Tata Steel Chess 2026 мусобақасида бир кунлик танаффусдан сўнг 9-тур баҳсларига навбат етиб келди.
Турнирнинг энг кучли шахматчилар жам бўлган “Мастерс” гуруҳида дунёнинг етакчи 14 нафар гроссмейстери қаторида ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдаров ҳам бош соврин учун кураш олиб бормоқда.
9-тур олдидан Нодирбек Абдусатторов 5,5 очко билан мусобақа жадвалида пешқадам, Жавоҳир Синдаров эса 5 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбек дербиси
Бугунги турнинг энг муҳим воқеаларидан бири — ўзбек дербиси бўлади. Унда Жавоҳир Синдаров оқ доналарда Нодирбек Абдусатторовга қарши баҳс олиб боради.
Агар Синдаров ғалаба қозонса, 6 очко билан якка пешқадамга айланиб олиши мумкин. Дуранг қайд этилса, ҳар икки шахматчи ҳам биринчи ва иккинчи ўринларни сақлаб қолади.
Шунингдек, Ҳанс Ниман (АҚШ), Ягиз Каан Эрдогмуш (Туркия) ва Ёрден ван Фореэст (Нидерландия) 4,5 очкодан жамғариб, Топ-5 поғонасидан жой олиб турибди.
9-тур учрашувлари Ўзбекистон вақти билан соат 18:15 да старт олади.
