Новак Жоковични уч марта қусди, лекин у барибир ғалаба қозонди - Sportxabarlari

Электрон почта: info@sportxabarlari.uz

Kurs UZS: USD 11 963.23 +50.85 EUR 13 970.66 +97.50 RUB 155.35 +1.96

Новак Жоковични уч марта қусди, лекин у барибир ғалаба қозонди

Шанхай Мастерс мусобақаси бу йил ҳақиқий синовга айланган — иссиқ ва намлик туфайли кўплаб теннисчилар турнирдан чиқиб кетишмоқда. Шу пайтгача етти нафар спортчи соғлиғи сабаб ўйинни тўхтатган, жумладан, ўтган йилги чемпион Янник Синнер ҳам.

Тайлор Фритз ва Александр Зверев ҳам иссиқ ва чарчоқ сабаб мағлуб бўлишган. Даниил Медведев эса бу шароитни “ҳамма учун тенг имконият” деб баҳолаган:

“Мен учун +28 даражада ўйнаш оғир, бошқалар учун эса +35. Бу ерда ҳаммага қийин – демак, мен тенг шароитдаман,” – деди Медведев.

Аммо асосий фаворит — Новак Жокович — ҳам бу иссиққа бардош беришда қийналмоқда. Якшанба куни у Янник Ҳанфманн билан ўйинда икки марта қусди, бироқ барибир ғалаба қозонди.

У сешанба куни яна оғир синовга дуч келди — Хауме Мунярга қарши 3 соатлик жангда серб теннисчи 6:3, 5:7, 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Биринчи сетда оёқ товонидаги оғриқ сабаб тиббий танаффус олди. Иккинчи сетда эса ўйин вақтида тўсатдан қусди — ва ҳатто майдонни ўзи тозалаб қўйди.

Иккинчи сет охирида у деярли юришга ҳам қийналаётган эди, аммо барибир агрессив ўйин услубини давом эттириб, томошабинларни ҳайратда қолдирди.
Партияни йўқотганидан сўнг эса чарчоқдан кортга қулади, лекин учинчи сетда ўзини қўлга олиб, ниҳоят ғалаба қозонди.

Шундай қилиб, Новак Жокович нафақат рақибларини, балки ўзи билан курашда ҳам ғалаба қозонаётганини яна бир бор исботлади