Италиялик мутахассис Ўзбекистон миллий жамоасини жаҳон чемпионатига тайёрлайди.
Италиялик 52 ёшли мутахассис Фабио Каннаваро расман Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
«Ўзбекистон футбол ассоциацияси 3 карра Жаҳон чемпионати иштирокчиси, 2006 йилги Жаҳон чемпионати ғолиби, яқин ўтмишнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири, таниқли мутахассис – Фабио Каннаваро билан шартнома тузди.
Италиялик мураббий жамоамизни АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтадиган Жаҳон чемпионатига тайёрлайди», – дейилади ЎФА баёнотида.
Мураббийлар штабида Каннаварога қуйидаги мутахассислар ёрдам беради:
- Ауженио Албарелла – ёрдамчи мураббий (Япония миллий жамоаси, «Ювентус», «Удинезе» ва «Динамо Загреб»да ишлаган);
- Троизе Францеско – жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий («Беневенто», «Удинезе» ва «Динамо Загреб»да фаолият юритган);
- Антонио Кименти – дарвозабонлар мураббийи (Италия ёшлар жамоаси, «Сампдория» ва «Спал» клубларида ишлаган).
ЎФА хабарида янги жамоа билан шартноманинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган, хусусан, шартнома муддати ва молиявий жиҳатлари номаълумлигича қолган. Олдинроқ рус нашрларида Каннаваро ва штабининг йиллик маоши миқдори 4 млн евро атрофида бўлиши ҳақида хабар тарқалганди.
Ҳозирча миллий жамоани 2025 йил январидан буён бошқариб турган Тимур Кападзенинг кейинги фаолияти номаълум бўлиб турибди, манбалар у янги штабдан ўрин олиши ҳақида хабар тарқатган.
Маълумот учун, Каннаваро футболчи сифатида Италиянинг қатор клубларида, хусусан, «Наполи», «Интер» ва «Ювентус»да тўп сурган, 2006-2009 йилларда Мадриднинг «Реал» клуби аъзоси бўлган. У 2006 йилги жаҳон чемпионатида Италия миллий жамоаси билан ғолиб чиққан, ўша мавсум якунида «Олтин тўп» мукофотини қўлга киритган. У ҳозиргача ушбу мукофотга эга чиққан ягона ҳимоячи бўлиб қолмоқда.
