Саудия Арабистони Футбол федерацияси 2026 йилги Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган терма жамоа футболчиларига йирик пул мукофоти берилишини эълон қилди. Бу ҳақда “Masrawy” нашри хабар берди.
Манбага кўра, “Яшил бургутлар” (Саудия Арабистони терма жамоаси) турнир финал босқичига чиққан учун ҳар бир футболчига 5 миллион Саудия рияли (тахминан 1,33 миллион АҚШ доллари) миқдорида мукофот пули ажратилади.
Федерация расмийлари бу ташаббус футболчиларнинг меҳнатини эътироф этиш ва уларнинг саралаш босқичидаги юксак натижаларини муносиб рағбатлантириш мақсадида амалга оширилганини билдирди.
Маълумот учун, Саудия Арабистони терма жамоаси Осиё минтақаси саралаш босқичининг 3 босқичида Япония, Австралия, Индонезия, Хитой ва Бахрайн терма жамоалари билан бир гуруҳдан ўрин эгаллаб, якуний гуруҳда 3-ўринни эгаллаган ҳолда плей-офф босқичига ёлланма олган эди. Бу босқичда эса Индонезия ва Ироқ терма жамоалари билан учрашувларда 4 очко тўплаган ҳолда мундиал йўлланмасини қўлга киритди.
