ЎФА у ўз фаолиятини янги босқичда давом эттириш ниятида эканини маълум қилди.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси ёрдамчи мураббийи Тимур Кападзе Фабио Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штабини тарк этди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати расман хабар берди.
Қайд этилишича, Кападзе ўз фаолиятини янги босқичда давом эттириш истагини билдириб, ЎФА раҳбариятига лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат қилган.
Мутахассисга бошқа клубдан таклиф тушгани ва у бош мураббий сифатида фаолият юритиш ниятида экани боис, ЎФА раҳбарияти Кападзенинг қарорини ҳурмат билан қабул қилган.
Ассоциация ўз баёнотида Темур Кападзенинг ўзбек футболи ривожига қўшган ҳиссасини эътироф этиб, унга самимий миннатдорлик билдирган ва келгуси мураббийлик фаолиятида катта муваффақиятлар тилаган.
Манбаларга кўра, ушбу мутахассисга Суперлига жамоаларидан, шунингдек, хориждан таклифлар бор.
Маълумот учун, яқин ўтмишда Ўзбекистон миллий жамоасида футболчи сифатида ўйнаган Темур Кападзе 2018 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган, бир муддат миллий жамоа бош мураббийи вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган, кейинроқ Тошкентнинг «Локомотив» клубини бошқарган, 2019-2021 йилларда Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамовга ёрдамчилик қилган, шу билан бир вақтда, 2020-2024 йилларда Ўзбекистон ёшлар жамоасига бош мураббий бўлган, ушбу жамоа билан тарихда илк бор Олимпиадага йўлланмани қўлга киритганди.
