32 ёшли ҳужумчи нафақат йил футболчиси, балки Суперлиганинг энг кўп гол урган футболчиси сифатида ҳам эътироф этилди.
Тошкентнинг “Пахтакор” клуби форварди Игор Сергеев Суперлигада 2025 йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди.
У жорий мавсумда “Пахтакор” сафида 29 та учрашувда майдонга тушиб, 20 та гол киритди ва жамоанинг кумуш медалларни қўлга киритишига катта ҳисса қўшди. Ушбу натижа унга Суперлига тўпурари совринини ҳам тақдим этди.
Йил футболчиси унвони учун курашда Сергеев “Сўғдиёна” ҳужумчиси Люпчо Дориев ва “Нефтчи” яримҳимоячиси Жамшид Искандеровни ортда қолдирди.
«Бу совринни олишдан жуда хурсандман. Ҳар бир футболчи учун бундай эътироф жуда муҳим. Ростини айтсам, номзодлар қаторида бўлишимни ва айниқса, ғолиб бўлишимни кутмаган эдим. Жуда ҳаяжондаман», — деди Игор Сергеев ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан.
