Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати “Нефтчи” клуби ёш мутахассис Исломбек Исмоилов билан расмий шартнома имзолаганини маълум қилди.
Клуб баёнотида қайд этилишича, Марғилонда туғилган Исломбек Исмоилов ёш бўлишига қарамай, миллий футболимизда сезиларли ютуқларга эришган ва истиқболли мураббийлар сафидан муносиб ўрин эгаллаган. Унинг қўл остидаги U-17 терма жамоаси замонавий футбол услуби, интизоми ҳамда характери билан ажралиб туриб, мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилган.
“Нефтчи” олдига қўйилган асосий вазифалар — “чемпионликни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш, Осиё Чемпионлар Лигаси элит босқичида муваффақиятли қатнашиш, жамоанинг рақобатбардошлигини ва узлуксиз ривожини таъминлаш” экани таъкидланган.
Шу вақтгача клубни 2022 йилдан бери Виталий Левченко бошқариб келар эди. Якунланган мавсумда у жамоа билан узоқ кутилган чемпионликни қўлга киритди ҳамда мавсумнинг энг яхши мураббийи деб топилди.
Бунгача Наманганнинг “Навбаҳор” клуби миллий терма жамоанинг собиқ бош мураббийи Тимур Кападзени, Андижоннинг “Андижон” клуби эса собиқ бош мураббий Самвел Бабаянни бошқарувга таклиф этгани маълум қилинганди.
