Исроил Мадримовнинг январь ойидаги рақиби ҳақида маълумот берилди - Sportxabarlari

Электрон почта: info@sportxabarlari.uz

Kurs UZS: USD 12 136.92 +14.85 EUR 14 191.70 +4.03 RUB 159.99 +3.60

Исроил Мадримовнинг январь ойидаги рақиби ҳақида маълумот берилди

Аввалроқ, профессионал бокснинг супер ярим ўрта вазн тоифасида Ўзбекистонлик собиқ жаҳон чемпиони Исроил Мадримов 2026 йил январь ойида навбатдаги жангини ўтказиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Эндиликда ушбу жанг юзасидан қўшимча маълумотлар пайдо бўлди.

Бокс инсайдери Жалол Аҳмедовнинг маълум қилишича, “The Dream” лақабли Мадримов 24 январь куни рингга чиқади. У бу борадаги маълумотни боксчининг менежерларидан бири Алик Фроловдан аниқлаштирган.

“Исроил Мадримовнинг 24 январь куни жанг қилиши ҳақидаги хабарларни Алик Фролов билан тасдиқладим. Унинг айтишича, Мадримов ушбу бокс оқшомида албатта жанг қилади. Бироқ рақиб унчалик жиддий бўлмайди. Ушбу баҳс жарроҳлик амалиётидан сўнг Исроилнинг қай даражада тикланганини текшириш учун тест жанги сифатида ўтказилади”, — деб ёзди Аҳмедов ўзининг Telegram каналида.

Эслатиб ўтамиз, 30 ёшли Исроил Мадримов профессионал рингда ҳозиргача 13 та жанг ўтказиб, 10 ғалаба, 2 мағлубият ва 1 дуранг қайд этган. У сўнгги жангини 22 февраль куни америкалик Виржил Ортизга қарши ўтказиб, очколар ҳисобига кўра мағлуб бўлганди.